Ўзбекистон ва Грузия инновациялар ва стартаплар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 26 март куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев Грузия Иқтисодий ва барқарор ривожланиш вазири ўринбосари Ираклий Надареишвили ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув натижасида Ўзбекистон ва Грузия ўртасида инновацион инфратузилма субъектлари — технопарклар, бизнес-инкубаторлар ва акселераторлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда стартап экотизимини қўллаб-қувватлашга қаратилган икки томонлама “йўл харитаси” имзоланди.
Ҳамкорлик доирасида қуйидаги йўналишлар белгилаб олинди:
Ўзбекистонда технопаркларни бошқариш ва ривожлантиришга доир Сапаситй Буилдинг дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш, Грузия тажрибасини ҳисобга олган ҳолда;
Ёшлар технопарклари ходимлари ва тадбиркорлари учун стартап инкубацияси ва акселерацияси дастурларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича ўқув курсларини жорий этиш;
Стартап инкубация ва акселерация марказлари мутахассислари ҳамда менторлари учун Грузиядаги етакчи инновация марказларида амалиёт ўташ имкониятларини яратиш;
Грузия тажрибаси асосида Ўзбекистон ёшлар технопарклари учун преинкубация дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
Ёшлар технопарклари ходимлари учун махсус преинкубация дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Грузиянинг илғор усулларига асосланган ҳолда ёшлар технопарклари ходимлари учун аппарат технологиялари (ҳардваре) инкубацияси дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
Учрашувдан сўнг грузиялик меҳмонларга вазирлик ҳузуридаги «Инно» ишлаб чиқариш технопарки фаолияти таништирилди.
Мазкур ҳамкорлик икки мамлакат ёшларининг технологик салоҳиятини ошириш ва инновацион экотизимни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлиб, келгусида стартап муҳитининг ривожланишига хизмат қилади.