Валюта курслари 05/08/2025
$1 – 12621.29
UZS – -0.82%
€1 – 14596.52
UZS – 0.61%
₽1 – 158.44
UZS – -0.13%
Қидириш
Ўзбекистон 05/08/2025 Ўзбекистон ва БМТ ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиради

Ўзбекистон ва БМТ ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви бўлиб ўтди.

Глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июль ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

Жорий йилда Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мамлакатимиз Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидладилар.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг