Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова ҳамда Жамоатчилик дипломатияси бўйича АҚШ Давлат котиби ўринбосари Сара Б. Рожерс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида томонлар санъат, маданият ва маданий меросни асраш соҳаларида Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлигининг устувор йўналишларини кўриб чиқдилар.
Суҳбат давомида музей ва институционал шерикликни ривожлантириш, кўргазма лойиҳаларини амалга ошириш, миллий саҳна асарларини халқаро майдонларда тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва муҳофаза этиш борасидаги ҳамкорлик, профессионал алмашинув дастурларини кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири — АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган қўшма маданий тадбирларни ташкил этиш масаласи бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданият ҳамда маданий мерос соҳасидаги беш йиллик ҳамкорлик “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва имзолаш, миллий фильмларни етакчи Америка платформаларида тарғиб этиш орқали Ўзбекистон кинематографиясининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.