Наманган вилоятида ўқитувчи ўқувчига нисбатан зўравонлик иши бўйича қўлга олинди
Наманган вилоятида ўқитувчи ўқувчига нисбатан зўравонлик иши бўйича қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятида ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У Янгиқўрғон туманидаги 8-мактабнинг 6-синф ўқувчисига нисбатан зўравонлик содир этганликда гумон қилинмоқда. Ҳодиса ҳақидаги маълумот 30 март куни ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, туман фуқароси 28 март куни 2013 йилда туғилган қизига нисбатан жиноят содир этилгани ҳақида хабар берган.
1973 йилда туғилган гумондорга нисбатан Янгиқўрғон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми — «ғайритабиий усулда жинсий эҳтиёжни қондириш мақсадида зўравонлик қилиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Гумондор процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани ушбу ишни назоратга олган, тергов жараёнини кузатиб бормоқда ва жабрланувчи боланинг процессуал ҳуқуқлари ҳимоясини таъминламоқда.
Иш бўйича қўшимча маълумотлар кейинчалик эълон қилинади.