Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 28/05/2025 Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритишда хусусий айблов институти жорий этилмоқда 28.05.2025

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритишда хусусий айблов институти жорий этилмоқда

28.05.2025

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 7-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам инсон, шу жумладан, жабрланувчи ҳуқуқлари кафолатлари белгиланган.

Мазкур Қонун ҳам ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бугунги кунда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар ижтимоий аҳамиятини йўқотган ва уларнинг сони кескин камайган. Шу билан бир вақтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддасида айни бир маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган. Шу боис ушбу Қонун уларни мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига айрим ҳуқуқбузарликлар учун қилмишнинг хусусиятидан, жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлилик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда маъмурий жавобгарликни бекор қилишга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, айни бир қилмиш, яъни тамаки маҳсулотини белгиланмаган жойларда истеъмол қилиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддаларида назарда тутилган жавобгарлик алоҳида моддада (561-модда) акс эттирилмоқда.

Бундан ташқари, Кодекснинг айрим моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларни кўришга жабрланувчининг аризаси бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бошқа моддаларига ҳам юқоридаги ўзгартириш ва қўшимчалардан ҳамда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастуридан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайишига, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципига амал қилинишининг таъминланишига ҳамда масъул давлат органлари иш юкламасининг камайишига, фуқаролар ўртасидаги айрим келишмовчиликлар судга қадар ҳал этилишига эришилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг