Жиззах вилоятидаги қўшимча имкониятлар кўрсатиб ўтилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида имкониятларни тўла ишга солиш чоралари кўрилмоқда. Ўтган йил 31 декабрда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилиниб, зарур масалалар ҳал этиб берилган эди. Хусусан, унда 2025 йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 285 миллион долларга етказиш, 168 минг одамни ишли қилиш чора-тадбирлари белгиланганди.
Бу вазифалар бирин-кетин бажарилмоқда. Ўтган олти ойда Жиззахда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида 200 та лойиҳа ишга тушди. Вилоятга 662 миллион доллар инвестиция кириб келди.
Натижадорликни янада ошириш мақсадида Жиззах вилояти Зомин туманида ҳам “Ислоҳотлар штаби” тузилган.
Давлатимиз раҳбари ташрифи давомида вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Хусусан, “ягона дарча” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги хизматларини битта жойга жамлаган “Агромарказ” ташкил этилди. Ҳосилдорликни оширишга қаратилган янгича ёндашувлар вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига ижобий таъсир этиб, аҳолини кўпроқ даромад топишига имкон яратмоқда.
Жиззах вилояти картошкачиликни ривожлантиришга замин қилиб олинмоқда. Бугунги кунда Зомин илмий тажриба станциясида хорижий ва маҳаллий селекцияга мансуб 12 та нав бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилди.
Одатда уруғлик картошка етиштириш 6-7 йилни ва 8 та босқични талаб қилса, янги таклифга кўра, жараён 4 босқичга камайтирилиб, 2 йилда тайёрланади. Бунда картошканинг янги селекция навларидан 12 тонна юқори авлод супер элита уруғлик аҳоли хонадонларига бепул тарқатилади. Натижада 120 тонна элита картошка уруғлиги етиштирилади.
Шунингдек, дуккакли экинлар экиш, Зарбдор туманидаги каналда насос станциялари ва магистрал қувурлар қуриш режалари белгиланган.
Жиззахнинг турфа табиати, тоғли ва чўл ҳудудлари йилнинг тўрт фаслида ҳам саёҳат қилиш имконини беради. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси, Зомин аэропорти ва янги йўллар бу имкониятларни кенгайтирди. Йирик 6 та канал бўйида сайилгоҳлар ташкил қилинди. Энди “Айдар-Арнасой” кўллар тизими қирғоқ бўйида ҳам замонавий туризм маркази барпо этилади.
- Туманларга саноатни олиб кириб, одамларни ишли қилишга ҳаракат қиляпмиз. Илгари дашт бўлган жойларда замонавий корхоналар пайдо бўляпти. Одамларимиз ҳунаридан, томорқасидан ҳам даромад топаяпти. Лекин бу бугунги натижа. Янги авлод етишиб келяпти, ёшларимизнинг билими, талаби ошиб боряпти. Уларнинг ишлаши, яхши яшаши учун ҳозирдан замин яратишимиз керак. Агар имкониятлардан тўғри фойдаланилса, Зомин тумани ишсизликдан холи ҳудуд бўла олади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, Кўкдала туманининг янги марказида санъат саройи, санъат мактаби, умумтаълим мактаби ва спорт мажмуаси ёнма-ён барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу болаларга қулай бўлишини таъкидлаб, келгуси лойиҳаларда шуни қўллаш зарурлигини айтган эди. Энди шу тажриба асосида Зомин туманида ҳам маданият саройи ва санъат мактаби қурилиши режалаштирилган. Маданият саройи 300 ўринли бўлиб, туман марказидаги 45 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда “Зомин сайқали” фольклор-этнографик жамоаси, 13 та тўгарак фаолият юритади.
Мутасаддиларга ушбу режалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи бўйича топшириқлар берилди.
Шу билан Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди.
#Шавкат Мирзиёев