Женевада ХМТ Халқаро меҳнат стандартлари департаменти директори билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Халқаро меҳнат стандартлари департаменти директори Коринн Варга билан учрашув ўтказди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро меҳнат конвенцияларини ратификация қилиш бўйича тизимли ишлар олиб бораётгани таъкидланди. Жумладан бугунги кунга қадар 25 та конвенция ва 1 та баённома ратификация қилинган.
Жорий ташриф якунлари бўйича ХМТ департаменти тавсияларини инобатга олган ҳолда махсус “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши қайд этилди. Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастурини амалга ошириш доирасида барча режалар, шу жумладан меҳнат инспекцияси институтини янада ривожлантириш бўйича вазифалар бажарилмоқда.
Ўз навбатида, Корин Варга Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда эришган ютуқларини юқори баҳолади. Мамлакатимиз Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро стандартларга содиқлигини намоён этаётган ишончли ҳамкорига айлангани таъкидланди. Унинг фикрига кўра, Ўзбекистон меҳнат инспекцияси тизими бошқа давлатлар учун намуна бўлиши мумкин ва ХМТ ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр.
Шунингдек, муносиб меҳнатни таъминлаш ва халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича Ўзбекистоннинг муваффақиятли тажрибасини оммалаштириш учун Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг мулоқоти, аёллар форумлари, шунингдек, минтақа касаба уюшмаларининг иттифоқлараро мулоқоти каби халқаро платформаларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.