Валюта курслари 13/06/2025
$1 – 12705.79
UZS – 0.47%
€1 – 14704.41
UZS – 1.68%
₽1 – 159.20
UZS – -1.04%
Қидириш
Иқтисод 25/02/2025 «Hamroh» ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича келишув имзолади

«Hamroh» ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича келишув имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Hamroh» Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури” қўшма лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди. Лойиҳанинг миллий ҳамкори Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигидир.

Имзоланган шартномага кўра, «Hamroh» тадбиркор аёлларга бизнес консалтингдан тортиб, уларнинг лойиҳаларини амалий қўллаб-қувватлашгача бўлган дастурнинг асосий ижрочиси ҳисобланади. Инсон тараққиёти тамойилларига содиқ бўлган БМТТД стратегик ҳамкор сифатида лойиҳага қўшилади ҳамда бизнес учун менторлик дастурлари ва акселерация ташаббуслари бўйича халқаро амалиётни татбиқ этади.

Томонлар иккита асосий йўналишда ишлашга келишиб олдилар:

– Таълим ва касбий ривожланиш. Бунда тадбиркор аёллар учун бизнесни бошқариш, молиявий режалаштириш ва стратегик ривожланишни ўз ичига олган тренинглар ташкиллаштирилади. Тренинг дастури амалий кейсларга асосланади ва иштирокчиларнинг реал эҳтиёжларига мослаштирилади.

– Бизнес менторларини тайёрлаш, улар орқали эксперт ёрдам кўрсатиш, жумладан, менторлик ва акселерация дастурлари.

Имзолаш маросими давомида «Hamroh» бош директори Дилфуза Нурматова қуйидагиларни маълум қилди: “Биз барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, гендер тенглиги ва бутун дунё бўйлаб аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш борасидаги самарали фаолияти билан машҳур бўлган БМТТД билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Умид қиламанки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали биз Ўзбекистондаги муваффақиятли тадбиркор аёллар сонини сезиларли даражада кўпайтириш, шунингдек, уларнинг касбий ўсиши ва ривожланиши учун янада қулай шароитлар яратишга эришамиз”.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии ўз навбатида шундай деди:

“Мақсадли қўллаб-қувватланаётган тадбиркор аёллар нафақат бизнес билан шуғулланмоқда, балки улар жамиятни ўзгартириб, иқтисодий ўсишни рағбатлантиряпти ҳамда янада инклюзив келажакни яратмоқда. Кўп йиллик тажрибага эга тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун БМТТД ўзининг халқаро ресурслари ва тармоқларини ушбу янги ҳамкорлик ташаббусига жалб қилишдан мамнундир”.

Hamroh – Ўзбекистонда аёл тадбиркорларга бепул маслаҳат хизматларини кўрсатувчи илк компаниядир. Шунингдек, компания шаффоф шартлар асосида имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашади. Компаниянинг мақсади аёлларни муваффақиятли бизнес юритишга илҳомлантириш ҳамда уларга тўсиқларни енгиб ўтиш ва юқори натижаларга эришишда зарур бўлган ресурсларни тақдим этишдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) – камбағаллик, тенгсизлик ва иқлим ўзгариши сабабли пайдо бўлган адолатсизликка қарши курашда БМТнинг етакчи ташкилотидир. БМТТД 170 та мамлакатда кенг экспертлар ва ҳамкорлар тармоғига эга бўлиб, сайёрамиз аҳолиси учун муаммоларнинг мувофиқлаштирилган, узоқ муддатли ечимларни тақдим этишни мақсад қилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг