Фарғона водийси ҳокимлари Марказий Осиёда тинчликни қўллаб-қувватлаш флешмобини «бошлади»
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТ штаб-квартираси ўзининг сиёсат ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича асосий департаменти орқали Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқот ва шерикликни мустаҳкамлаш учун янги минтақавий платформага айланиши керак бўлган Фарғона тинчлик форуми ҳақида маълумот берди. Бу мазкур тадбирнинг аҳамияти нафақат минтақа, балки бутун халқаро ҳамжамият учун муҳим воқеа эканини яна бир бор таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, Форум жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Фарғона шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, шунингдек, қатор халқаро ва миллий ҳамкорлар томонидан ташкил этилди.
Тадбирга 500 дан ортиқ меҳмон, жумладан, Марказий Осиё, МДҲ, Осиё, Европа ва Америка мамлакатларидан 300 дан ортиқ иштирокчи ташриф буюрди.
Фарғонадаги учрашувнинг муҳим хусусияти унинг инклюзив характери бўлди - унда нафақат давлат органлари, эксперт ва илмий-академик доиралар вакиллари, балки фуқаролик жамияти фаоллари, жумладан, ёшлар, хотин-қизлар жамоалари ҳам иштирок этди.
Форум кенг қамровли мулоқот майдонига айланди, хусусан, учта чегарадош Фарғона, Ўш ва Боткен вилоятлари ҳокимларининг алоҳида учрашуви бўлиб ўтди, унда ҳудудлар раҳбарлари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар ва ўзларига ишониб топширилган ҳудудларда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Фарғона форуми фуқаролик жамияти, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ёшлар ташкилотлари вакилларига ҳам водий ободлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича янги режаларни муҳокама қилиш ва белгилаш имконини берди. Бу, шубҳасиз, фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириб, Фарғона водийсини тинчлик ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантирган қайтмас бунёдкорлик жараёнларига хизмат қилди.
Бундан ташқари, Форум халқаро ташкилотлар учун минтақа давлатларининг хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун платформа вазифасини ўтади.
Форумда бўлиб ўтган муҳокамаларнинг мазмун-моҳияти Коммюникеда ўз ифодасини топди. Ушбу қўшма ҳужжатда минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар стратегик, кенг қамровли ва кўп қиррали эканлиги таъкидланди.
Мамлакатларни шериклик ва иттифоқчилик ришталари боғлаб туради, бу давлатлар ва ҳукуматлар, шунингдек, парламентлар, минтақалар ва фуқаролик жамияти ўртасида узлуксиз ва кўп даражали мулоқотни давом эттиришни талаб қилади.
Учрашувни намойишкорона қўл сиқиш билан мустаҳкамлаган Фарғона, Сўғд ва Боткен чегараолди вилоятлари раҳбарларидан ўрнак олиб, уч мамлакат жамоатчилиги ижтимоий тармоқларда минтақалар раҳбарлари билан бирдамлигини худди шундай қўл сиқиш орқали фаол ифода эта бошлаган флешмоб кенг аудитория эътиборини тортди.
Эътиборлиси, ушбу акцияга халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хусусан, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе, ЕХҲТнинг можароларнинг олдини олиш бўйича маркази директори Кейт Фирон ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс ҳам қўшилди. Бу, ўз навбатида, давлат органлари, фуқаролик жамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларининг минтақада барқарорликни сақлаш ва изчил тараққиётни таъминлаш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёрлигининг яққол ифодаси бўлди.