DOMiNO Ventures Ўзбекистонда стартапни ривожлантиришга 50 миллион доллар сармоя киритади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 23 июль куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва давлат сиёсатини мувофиқлаштириш департаменти директори Тимур Хусанов ҳамда "UzVC" миллий венчур фонди бош директори Дилшод Хашимов иштирокида “DOMiNO Ventures” халқаро венчур компанияси (Нидерландия) бошқарувчи ҳамкорлари Мустафо Копук ва Ягиз Карадениз билан Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантириш истиқболлари ва халқаро инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.
“DOMiNO Ventures” венчур компанияси минтақадаги венчур капитал бозорининг энг фаол иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Жамғарма Қозоғистон, Ўзбекистон, Грузия, Озарбайжон каби давлатлар, шунингдек, Европа ва Туркияда фаолият юритади. Сўнгги беш йил ичида минтақада жадал ўсиш кузатилди: стартаплар сони 4,5 баробарга кўпайди (4500 дан ортиқ), венчур битимларнинг умумий ҳажми 2024 йилда 120 миллион долларга етди.
Учрашувда жамғарма вакиллари ҳудудий стартап муҳитини ривожлантириш бўйича жорий ташаббус ва режалари билан таништирди. Сунъий интеллект соҳасидаги стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “BetterFuture AI Acceleration” дастурига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, жамғарма сармоя киритган қуйидаги ўзбек стартапларининг муваффақиятли намуналари тақдим этилди:
“Tass Vision” – сунъий интеллектга асосланган видеотаҳлил тизими;
"PointAi" – электрон тижоратни қўллаб-қувватлаш учун ечим;
"Datatruck" – юк ташишда логистикани оптималлаштириш платформаси.
Компания кейинги 5 йил ичида минтақага 50 миллион долларлик инвестиция киритиш режалари, шунингдек, қиймати 100 миллион доллар атрофида бўлган 20 дан ортиқ стартапларни молиялаштириши алоҳида қизиқиш уйғотди.
Учрашувда “DOMiNO Ventures” венчур компанияси ва ««UzVC» миллий венчур фонди ҳамкорлигида қўшма дастурларни амалга оширишга келишилди.
Шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида профессионал билим ва тажрибаларни бўлишиш бўйича ҳам фикрлар алмашилди ҳамда стартап экотизимини ривожлантириш мақсадида ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.