Давлатимиз раҳбари мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш корхонасида бўлди
Давлатимиз раҳбари мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш корхонасида бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида Оҳангарон туманидаги “Infinity Copper Group” мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Лойиҳа Хитой ва Германия компаниялари билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилаётгани, унинг умумий қиймати 36 миллион долларга тенг экани ҳақида маълумот берилди.
Бу ерда қурилиш ишлари 90 фоизга якунланган, лойиҳа доирасида 14,9 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.
Ўзбекистонга 2025 йилда 15 миллион долларлик мис қувурлар ва фитинглар импорт қилинган. Мазкур корхона тўлиқ ишга тушгач, 10 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Корхонада 300 та янги иш ўрни яратилади, 200 миллиард сўм бюджет тушумлари таъминланади ҳамда 350 миллион долларлик экспорт амалга оширилади. Маҳсулотлар Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Африка қитъаси ҳамда Европа давлатларига етказиб берилади.
“Infinity Copper Group” Ўзбекистонда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчи ўринни эгаллаб, жами тўртта ишлаб чиқариш корхонасини ўз ичига олади.
Президентимиз мамлакатимизда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотлари улушини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Бундай замонавий, рақобатбардош корхоналар сонини кўпайтириш орқали ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
#Шавкат Мирзиёев