Зоир Мирзаев Иваново вилояти губернатори билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоятимиз делегациясининг Россия Федерациясига сафари давом этмоқда.
Делегация аъзолари бугун Иваново вилояти губернатори Станислав Воскресенский бошчилигидаги ҳудуд мутасаддилари билан учрашди.
Суҳбат чоғида Зойир Мирзаев вилоятимизнинг Россия Федерацияси ҳудудлари билан ўзаро манфаатли алоқалари жадал ривожланиб бораётганини, Ўзбекистон ва Россияни анъанавий дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари боғлаб туришини таъкидлади.
Иваново вилояти ривожланган транспорт коммуникациялар тизимига, юқори малакали кадрлар салоҳиятига эга бўлган. халқ хўжалигининг турли тармоқлари жадал ривожланаётган ҳудуддир.
Бу ерда енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, ахборот технологиялари, медисина, электроника, автомобилсозлик ва туризм соҳаларида имкониятлар, айниқса, кенг.
Иваново вилояти хорижий ҳамкорларимиз орасида алоҳида ўрин тутади. Вилоятларимиз ўртасида кўплаб йўналишларда ўзаро ҳамкорликнинг катта истиқболларини кўраяпмиз, деб қайд этди Зойир Мирзаев ўзаро мулоқотда.
Учрашувда вилоятлар ўртасида мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашиш, хусусан, соғлиқни сақлаш, туризм, енгил саноат жабҳаларида, шунингдек, миграция ва меҳнат муносабатлари борасида икки томон учун ҳам фойда келтирадиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.