Yutong компанияси Тошкентга 200 та электробус етказиб бериш бўйича тендерда ғолиб чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Ўзбекистон - 2030" стратегиясининг "Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури" доирасида иқлим ўзгаришига мослашиш, углерод нейтраллигига эришиш, “яшил лойиҳалар”ни амалга ошириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ, Тошкент шаҳри жамоат транспортини ривожлантириш йўналишида 2025 йилда 200 дона электробуслар ва улар учун қувватлаш ускуналари хариди лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур харидларни амалга ошириш мақсадида, ўтказилган энг яхши таклифлар танловида Хитой Халқ Республикаси томонидан таклиф этилган учта компания - “BYD Auto Industry Co., Ltd.”, “YUTONG BUS Co., Ltd.” ва “ZHONGTONG BUS HOLDING Co., Ltd.” иштирок этди.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳаракат таркибини янгилаш мақсадида ўтказилган танлов натижалари бўйича таклифлари қўйилган талабларга тўлиқ жавоб бера олган компания сифатида “YUTONG BUS Co., Ltd.” компанияси аниқланди ҳамда "Харид комиссияси"нинг қарорига асосан танлов ғолиби деб эълон қилинди.
Мазкур харид қилинадиган электробуслар Тошкент шаҳридаги мавжуд автобус йўналишларининг ҳаракат таркиби сонини кўпайтирилиши ва янги ташкил этиладиган йўналишларда тасарруф этилиши режалаштирилган.
“YUTONG BUS Co., Ltd.” компанияси раҳбариятининг Тошкент шаҳрига ташрифи давомида, Транспорт вазири И. Махкамов билан музокаралар ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, жамоат транспортини “экологик тоза” турлари билан янгилаш, автобусларга сервис хизмати кўрсатиш кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди ҳамда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.