ЮНЕСКО сессияси даврида Самарқандга кириш 30 октябрдан 14 ноябргача чекланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси сессияси ўтказилиши муносабати билан 30 октябрдан 14 ноябргача Самарқанд шаҳрига олиб кирувчи йўллар вақтинча ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Транзит транспорт воситалари учун айланма йўналишлар белгиланган. Ҳайдовчиларга айланма йўллар интерактив харитасига олиб борадиган QR-кодли флаерлар тарқатилади.
Ички ишлар вазирлиги мамлакат аҳолиси ва меҳмонларига ушбу муддат давомида зарурат бўлмаса, Самарқандга сафар қилмасликни тавсия этди.
ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси 1985 йилдан бери илк бор Париждан ташқарида — ташкилотнинг бош қароргоҳидан узоқда ўтказилади. Тадбирга Silk Road Samarkand туристик мажмуаси мезбонлик қилади.
Икки йилда бир марта ўтказиладиган Бош конференция ЮНЕСКОнинг асосий стратегик йўналишлари, бюджети ва фаолият устувор йўналишларини белгилайди. Бу БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган муассасасидир.
Шунингдек, конференция доирасида Ижроия кенгаши аъзолари сайланади ҳамда ҳар тўрт йилда ташкилотнинг бош директори тайинланади.