Валюта курслари 27/11/2025
$1 – 11881.60
UZS – -0.46%
€1 – 13749.39
UZS – -0.14%
₽1 – 151.05
UZS – -0.34%
Қидириш
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик  масалалари қўмитаси мажлисида пойтахтда транспорт ҳаракати хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ва йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида автомобиллар сонининг ошиб бориши ҳаракатни тартибга солишда замонавий, илғор ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда. Жаҳон тажрибасида метрополитен, жамоат транспорти ва “Park&Ride” каби моделлардан фойдаланиш тирбандликларни камайтиришда ўзининг юқори самарасини кўрсатмоқда.

Қўмита мажлисида Тошкент шаҳридаги асосий муаммолар атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, пиёдалар ва велосипедчилар учун хавфсиз инфратузилманинг ҳали ҳам етарли даражада эмаслиги, айрим йирик чорраҳаларда йўл ҳаракатини тартибга солувчи “ақлли” светофор тизимларининг тўлиқ ишга тушмагани таъкидланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида транспорт муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли сифатида аҳолининг шахсий автомобилдан жамоат транспортига ўтишини рағбатлантириш ва шаҳрга кириб келишда ва метро бекатлари атрофида йирик автотураргоҳларни ташкил этишни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари ушбу масалалар нафақат тирбандликларни камайтиришга, балки пиёдалар ва ҳайдовчилар хавфсизлигини таъминлашга ҳам бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Муҳокама натижасида Тошкент шаҳрида транспорт ҳаракатини оптималлаштириш, жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантириш, “ақлли” светофор ечимларини жорий этиш ва ахборот технологиялари асосида бошқарувни кучайтиришга оид аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг