Валюта курслари 14/11/2025
$1 – 11985.10
UZS – 0.11%
€1 – 13923.09
UZS – 0.51%
₽1 – 148.86
UZS – 0.91%
Қидириш
Янги инвестиция лойиҳаси – мамлакатимиз энергетика тизимида муҳим қадамлардан бири бўлади

Янги инвестиция лойиҳаси – мамлакатимиз энергетика тизимида муҳим қадамлардан бири бўлади

Янги инвестиция лойиҳаси – мамлакатимиз энергетика тизимида муҳим қадамлардан бири бўлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги Толимаржон ИЭСда замонавий энергетика технологиялари асосида, дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда 1065 МВт қувватга эга замонавий буғ-газ қурилмаси қурилиши якуний босқичга етди.

Бугун, ушбу лойиҳанинг қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. 

Президентимизнинг энергетика соҳасига бўлган юксак эътиборлари натижасида бугунги кунда мамлакатимизда барпо этилаётган замонавий инвестиция лойиҳалари қаторида Толимаржон ИЭСда қад ростлаётган буғ-газ қурилмалари ҳам ишлаб чиқариш қувватларини сезиларли даражада ошишига хизмат қилади. Лойиҳанинг умумий қуввати 1065 мегаватт ва лойиҳа қиймати 944, 87 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 

Осиё Тараққиёт банки, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари томонидан молиялаштирилаётган, мамлакатимиз энергетика соҳасидаги мега лойиҳалар қаторида турувчи ушбу энергоиншоот қурилиши Испаниянинг “Intesa Ingenieria Industrial S.A., Япониянинг  “Mitsubishi Corporation” ҳамда Туркиянинг “Çalık Energy” каби етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. 

Ушбу буғ-газ қурилмалари ишга туширилгач, корхона йилига 8 миллиард кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва юқори тежамкор технологияларни қўллаш ҳисобига йилига 300 миллион кубметр табиий газ тежалишига эришилади. 

Бу янги инвестицион лойиҳа Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчиларини, Қарши магистрал каналидаги еттита насос станциясини ва яна кўплаб аҳоли пунктларини ишончли электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. 

Бу буғ-газ қурилмалари ишга туширилгач, корхонада қўшимча 200-250 иш ўрни яратилади. Бу лойиҳа бўйича биринчи буғ-газ қурилмаси  2025 йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.

Ушбу буғ-газ қурилмаларига ўрнатилаётган ускуналар Япония, Корея, Хитой ва АҚШ каби етакчи мамлакатлардан келтирилган бўлиб, автоматлаштирилган ҳолда бошқарилиши ва энерготежамкорлиги билан аҳамиятлидир. 

Қурилмалардаги иккита газ турбиналарининг ҳар бири 385,0 МВтни, буғ турбиналари эса 185,7 МВтни ташкил этади.

Ҳозирги пайтда қурилишдаги ишчи хизматчиларнинг сон 2504 кишидан иборат бўлса, шулардан  504 нафарини чет эллик мутахассислар  ташкил этади. Шунингдек, қурилиш жараёнларига 96 та махсус техникалар ва механизмлар ҳам жалб этилган.

Маълумот учун: Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2020 йил, 18 декабрдаги “Толимаржон ИЭС” АЖни умумий қуввати 900 мегаватдан кам бўлмаган навбатдаги 2 та буғ-газ қурилмаларини қуриш билан кенгайтириш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори асосида амалга оширилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг