Валюта курслари 20/01/2026
$1 – 12051.71
UZS – 0.74%
€1 – 14008.91
UZS – 0.87%
₽1 – 154.69
UZS – 0.49%
Қидириш
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Андижон вилоятига ташриф буюрди

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Андижон вилоятига ташриф буюрди

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Андижон вилоятига ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Юй Сзюн Андижон вилоятига ташриф буюрди. Ташриф доирасида элчи жанобларини Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қабул қилди.

Учрашув аввалида вилоят раҳбари мартабали меҳмонни Андижон заминида кўриб турганидан мамнунлигини  билдириб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, мавжуд саноат ва инвестиция имкониятлари, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, вилоятда саноат, логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги,  ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, эркин иқтисодий зоналар фаолияти ҳамда қўшма корхоналарни ташкил этиш борасидаги истиқболли режаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Юй Сзюн кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга Хитой томони ҳар томонлама тайёр эканлигини таъкидлади. Элчи жаноблари Андижон вилоятининг юқори инвестицион салоҳиятини эътироф этиб, қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари мавжудлигини қайд этди.

Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқот чоғида кейинги йилларда Ўзбекистон–Хитой стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари муҳим аҳамият касб этаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи эса икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлагани эътироф этилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантириш, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг