Хитойнинг "China Eastern" авиакомпанияси Тошкент ва Шанхайни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади
Хитойнинг "China Eastern" авиакомпанияси Тошкент ва Шанхайни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг "China Eastern Airlines" авиакомпанияси Шанхай – Тошкент – Шанхай йўналиши бўйича мунтазам йўловчи қатновларини йўлга қўйиб, Ўзбекистон бозоридаги ўз иштирокини кенгайтирмоқда.
30 март куни "China Eastern Airlines" авиакомпаниясининг Шанхайдан учган МU6037 рейси маҳаллий вақт билан соат 18:00 да Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Бортида 265 нафар йўловчи бўлган самолёт анъанага кўра сув аркаси, экипаж аъзолари эса гуллар ва байрамона кайфият билан кутиб олинди. Шунингдек, пойтахт аэропортида Тошкентдан Шанхайга учувчи илк йўловчилар ҳам тантанали равишда рўйхатдан ўтишди.
Ушбу йўналишнинг очилиши Хитойнинг энг йирик мегаполисини Ўзбекистон пойтахти билан тўғридан-тўғри боғлаб, йўловчиларга саёҳат қилиш, туризмни ривожлантириш ва ишбилармонлик ҳамкорлиги учун янги имкониятлар яратади. Парвозлар ҳафтасига тўрт марта — душанба, сешанба, пайшанба ва шанба кунлари қулай Airbus А330 самолётларида амалга оширилади. Сафар давомийлиги тахминан 8 соатни ташкил этади.
"China Eastern Airlines" — 1988 йилда ташкил этилган, штаб-квартираси Шанхайда жойлашган Хитойнинг етакчи авиакомпанияларидан биридир. Аавиаташувчи Ўзбекистон бозорига илк бор ўтган йилнинг июль ойида Циан – Тошкент – Циан йўналишини очиш билан кириб келган эди ва ушбу йўналиш йўловчилар орасида оммалашишга улгурди.