Хитой компанияси Қашқадарёда ойна ишлаб чиқаришга 80 млн доллар инвестиция киритади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов вилоятда саноатни ривожлантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борди.
Хитой компанияси томонидан икки босқичда 80 миллион АҚШ доллар миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган. Лойиҳага кўра, 10 гектар майдонда 50 минг квадрат метрли замонавий завод мажмуаси ҳамда 2 минг квадрат метрлик қўшимча кварц қумини бойитиш комплекси барпо этилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа натижасида 600 та янги иш ўрни яратилади.
Келгусида мазкур мажмуа ойига 300 минг тонна шиша маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Маҳсулотларни ички бозор билан бир қаторда Марказий Осиё ва Афғонистон давлатларига ҳам экспорт қилиш имконияти мавжуд бўлади.
Учрашув давомида вилоят ҳокими инвесторларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди, шунингдек, лойиҳа келгусида барқарор ишлашида доимий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Учрашувда таъкидланганидек, Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат натижасида вилоятда фаолият юритаётган Хитой компаниялари сони 80 тадан ошди ва уларнинг лойиҳалари ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.