Хитой компаниялари Ўзелтехсаноат билан Ўзбекистонда маҳаллий зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилишди
Хитой компаниялари Ўзелтехсаноат билан Ўзбекистонда маҳаллий зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзелтехсаноат» уюшмасига Хитой Халқ Республикасининг йирик компаниялари вакиллари ташриф буюрди. Жумладан, "Southern Power Grid Electric Vehicle Service" компанияси бошқарув директори ўринбосари Ван Қи ҳамда "Ҳанов Ҳолдинг" компанияси бошқарув директори Ян Янг бошчилигидаги хорижий меҳмонлар ташриф буюрди.
Ташриф давомида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов хорижий компаниялар мутасаддилари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда электромобиллар учун қувватлаш станцияларини маҳаллий ишлаб чиқариш ва жорий этиш бўйича истиқболли лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, технологиялар трансфери, инвестиция киритиш механизмлари, маҳаллийлаштириш даражаси ҳамда узоқ муддатли стратегик шериклик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт” ва электромобил инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мақсадларига хизмат қилишини таъкидлади. Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келгусидаги музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
"Southern Power Grid Electric Vehicle Service" Хитойнинг йирик давлат энергетика тизимларидан бири — "China Southern Power Grid" таркибига кирувчи, электромобиллар учун зарядлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ихтисослашган нуфузли компания ҳисобланади. Компания Хитой бўйлаб минглаб зарядлаш станцияларини бошқаради, ақлли энергия ва рақамли бошқарув ечимларини жорий этган. "Hanov Holding" эса энергетика, электротехника, саноат инфратузилмаси ва инвестиция лойиҳаларига ихтисослашган ҳолдинг бўлиб, халқаро ҳамкорлик, технологиялар трансфери ҳамда ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштириш бўйича катта тажрибага эга.