Халқаро мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Халқаро мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 декабрь куни Халқаро мигрантлар куни муносабати билан “Миграция ва барқарор ривожланиш: барча учун ҳуқуқлар, ҳимоя ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этиб, миграция жараёнлари, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Халқаро конференция доирасида Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ва Миграция бўйича Халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Миграция бўйича Халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.
Ушбу ҳужжат мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш, шунингдек ижтимоий ходимлар малакасини ошириш ва халқаро тажриба асосида институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган.
"Халқаро мигрантлар куни" муносабати билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш ҳамда институсионал салоҳиятни халқаро тажриба асосида мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эришилган келишувлар инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, одам савдосининг олдини олиш ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ қўшма лойиҳа ва дастурлар орқали амалга оширилади.