Владимир Норов халқаро ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун Хитой Халқ Республикасининг энг юксак мукофотига сазовор бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг собиқ Бош котиби Владимир Норов Хитой ҳукуматининг энг олий мукофоти — «Дўстлик мукофоти» билан тақдирланди. У мазкур мукофотни олган биринчи ўзбекистонлик бўлди.
Дипломат бу ҳақда LinkedIn саҳифасида хабар берди. Мукофот топшириш маросими 2025 йил 30 сентябр куни Пекиндаги Халқ қурултойлари уйида бўлиб ўтди. «Дўстлик мукофоти» Хитойнинг энг юксак давлат мукофоти ҳисобланиб, у хорижий мутахассисларга Хитой билан халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги катта хизматлари учун берилади. Жорий йилда бу мукофот 27 мамлакатдан 50 мутахассисга топширилди.
Владимир Норов унинг учун бу мукофотни олиш катта шараф эканини таъкидлаб, илк бор ўзбекистонлик вакилига насиб этганини алоҳида қайд этди. «Дипломатик ёки академик фаолиятимнинг барча даврларида Хитой, Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида ўзаро ишонч, мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиб келганман. Шу боис бу мукофот нафақат шахсий шараф, балки маданий қадриятлар ва инсонлар ўртасидаги алоқалар кучига бўлган умумий ишончимизнинг рамзидир», — деди у.
Маросим давомида Норов Хитой ҳукуматига, Шанхай халқаро тадқиқотлар университетига, ҳамкасблари ва кўплаб ҳамкорларига миннатдорлик билдириб, «дўстлик ва ҳамкорлик руҳи бизга янада адолатли, бирлашган ва фаровон дунё сари йўл кўрсатиши лозим», дея таъкидлади.