“Вебстер университети” раҳбарияти билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 18 сентябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Вебстер университети” раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Унда олиб борилаётган ҳамкорлик натижалари, университет фаолияти ҳамда кампусни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир 2019 йилдан бери йўлга қўйилган ҳамкорлик самаралари ҳақида тўхталиб, талабалар сони 360 нафардан 6500 нафаргача ошганини, шунингдек, сўнгги уч йилда университет битирувчилари меҳнат бозорига кириб келаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, университетнинг жорий йилда 2 850 нафар талабани қабул қилганини алоҳида қайд этди.
Мулоқот давомида томонлар келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашишди. Вазир икки томонлама алоқалар изчил ривожланишини ва яқинлашиб келаётган форумда яна учрашишини таъкидлади.
Маълумот учун, 19–20 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро сифатни таъминлаш форуми (IQAF) бўлиб ўтади.