“Uzum Nasiya” акциядорлик жамияти “Тошкент” фонд биржасида иккинчи марта облигацияларини жойлаштиришни амалга оширмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Makesense” МЧЖ, “Solutions Lab” АЖ (“Uzum Nasiya“ хизмати оператори)нинг эгаси сифатида, «Тошкент» РФБъда иккинчи облигация эмиссиясини жойлаштирмоқда. Очиқ обуна асосида 4 000 дона облигация, жами 400 млрд сўм ҳажмида таклиф этилмоқда.
Ҳар бир облигациянинг номинал қиймати 100 млн сўм, йиллик 24% купон ставкаси билан белгиланган. Купон тўловлари ҳар чоракда амалга оширилади. Муомалада бўлиш муддати — 2025 йил 3 ноябрдан 2027 йил 23 октябргача. Эмиттент томонидан облигацияларни 60 кун ичида қайта сотиб олиш имконияти ҳам назарда тутилган.
Жалб қилинган маблағлар “Uzum Nasiya” хизматини молиялаштиришга йўналтирилади. Компания ҳисоботларига кўра, 2025 йил II чораги ҳолатига кредит ва қарзлар ҳажми $443 млнни, фоиз даромадлари эса $75 млнга етган.
Аввалроқ, 2025 йил март ойида, компания 300 млрд сўмлик биринчи облигация эмиссиясини муваффақиятли жойлаштирган эди. Биринчи эмиссияда йиллик 25% купон ставкаси белгиланган бўлиб, ҳар бир облигациянинг номинал қиймати 500 млн сўмни ташкил этган.