Валюта курслари 19/08/2025
$1 – 12497.19
UZS – -0.4%
€1 – 14597.97
UZS – -0.46%
₽1 – 155.71
UZS – -0.83%
Қидириш
Технологиялар 19/08/2025 Uzcosmos БМТ билан ҳамкорликда қурғоқчиликни мониторинг қилиш тизимини яратмоқда

Uzcosmos БМТ билан ҳамкорликда қурғоқчиликни мониторинг қилиш тизимини яратмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Глобал иқлим ўзгариши, хусусан, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши фонида дунёда йирик экологик муаммолар юзага келмоқда. Баъзи ҳудудларда сув сатҳининг кўтарилиши, тошқинлар, қурғоқчилик каби офатлар кузатиляпти. Бу эса эковазиятнинг издан чиқаётганига бир сигналдир. Дунёга хавф солаётган муаммолар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам четлаб ўтмаслиги аниқ.  

Маълумки, Марказий Осиё – иқлим ўзгариши оқибатларига эътибор қаратиш лозим бўлган энг муҳим минтақалардан бири ҳисобланади. Сабаби аномал иссиқ об-ҳаво кўл ва бошқа ҳавзалардаги сувнинг буғланиши, дарё оқимининг пасайиши ва музлик сувлари захираларининг қисқаришига олиб келмоқда. Сув танқислиги қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экологик муаммоларни кучайтириб, ижтимоий ва сиёсий ҳолатнинг кескинлашишига сабаб бўлади. Айниқса, қурғоқчилик ҳосилдорликнинг пасайиши, чорва молларининг қирилиши ва аҳоли яшаш шароити ёмонлашишига олиб келиб иқтисодиётга ҳам сезиларли зарар етказиши мумкин.

Албатта бу борада халқаро ҳамкорлик муҳим саналади. Айни шу мақсадда Uzcosmos агентлиги БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) билан ҳамкорликда Марказий Осиё учун ерни масофадан зондлаш технологияларига асосланган қурғоқчиликни мониторинг қилиш тизимини яратиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Унинг доирасида минтақа давлатларига қурғоқчиликни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда техник ресурслардан ўз вақтида фойдаланишни бўйича кўмак берилади. Хусусан, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос шароитини инобатга олган ҳолда қурғоқчиликни тезкор кузатиш тизими ва экинларни булутли мониторинг қилиш платформасини яратиш режа қилинган.

Жорий йилнинг 18 август куни Рақамли технологиялар вазирлиги биносида ўтган халқаро семинарда иштирокчилар мазкур лойиҳани Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашиб, мавжуд имкониятларни муҳокама этишди. Таъкидланганидек, қурғоқчилик Марказий Осиё ва бошқа қуруқ иқлимли минтақаларда энг хавфли табиий офатлардан биридир. Бу жараён фақат иқлим омиллари билан эмас, балки инсон фаолияти, хусусан, сув ресурсларининг нотўғри бошқарилиши билан ҳам боғлиқ. Сўнгги йилларда космик технологиялар қурғоқчилик мониторинги, баҳолаш ва олдини олишда муҳим воситага айланди. Сунъий йўлдошлар орқали олинган маълумотлар қишлоқ хўжалиги, экология ва сув хўжалиги соҳаларида қарорлар қабул қилиш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Айни шу мақсадда        2025 йилнинг май ойида қурғоқчиликни мониторинг қилиш миллий тизими ишлаб чиқишга старт берилди ва Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудлари кесимида амалга оширилиши белгиланди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки қурғоқчиликка қарши курашишда космик мониторинг асосий инструментлардан бири ҳисобланади. Жумладан, масофадан зондлаш орқали сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида тупроқ намлиги, ўсимлик қопламаси, сув ҳавзалари майдонидаги ўзгаришларни аниқлаш мумкин. MODIS, Sentinel, Landsat каби йўлдошлар юқори аниқликдаги тасвирларни олишда қўл келади. Қолаверса, NDVI (Нормализед Difference Vegetation Index) каби индекслар ёрдамида эса ўсимликларнинг соғломлиги ва ҳосилдорлигини прогноз қилиш мумкин бўлади.

Агарда бу қурғоқчилик масаласига жиддий эътибор қаратилмаса бу занжирга айланган ҳолда жуда кўп муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бу офат сабаб мамлакат сув танқислиги, тупроқ деградацияси охир-оқибат эса ҳосил ва озиқ-овқат етишмовчилиги билан юзлашади. Uzcosmos агентлиги ва БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (UNESCAP) ҳамкорлигида ишлаб чиқилаётган Марказий Осиё учун ерни масофадан зондлаш технологияларига асосланган қурғоқчиликни мониторинг қилиш тизими бу борада уникал лойиаҳалардан бири бўлиши кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг