“U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури жорий этилади
“U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури жорий этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, “U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури жорий этилади ва унинг доирасида олий таълим ташкилотларига миллий тадқиқот университети мақомини бериш йўлга қўйилади.
Миллий тадқиқот университети мақоми давлат илмий дастурлари доирасида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий кластер ташкил этиш лойиҳаси бўйича ўтказиладиган танловда ғолиб бўлган 10 та олий таълим ташкилотига берилади.
2027 йил 1 январдан олий таълим ташкилотлари миллий рейтинги натижаларига кўра молиявий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Миллий рейтинг натижаларига кўра, ҳар бир тоифа гуруҳига мансуб олий таълим ташкилотларининг 20 фоизи 1-даражага, 40 фоиздан 2- ва 3-даражаларга киритилади.
2027 йил 1 январдан давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган 1 нафар талабани ўқитиш харажатлари миқдорини қуйидаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб шакллантириш тартиби жорий этилади:
1 нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган ўртача талабалар сони нисбати;
таълим соҳаси мураккаблиги, шу жумладан, таълим йўналишлари (ихтисосликлар) учун талаб этиладиган моддий-техник база;
таълим соҳаси олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг устувор соҳаларига мослиги;
олий таълим ташкилотининг мақоми ва (ёки) тоифасига кўра илмий тадқиқотга йўналтирилганлиги ва бошқалар.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази негизида Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази ташкил этилади.
Республика давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига муайян ўқув йили учун ажратилган грант квоталарининг тўлмай қолган қисми ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача бўлган иқтидорли чет эл фуқароларига олий таълим ташкилотларида таълим олиш учун грант беришни назарда тутувчи “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастури амалга оширилади.
2026/2027 ўқув йилидан олий таълим ташкилотларига хорижий талабаларни қабул қилишнинг амалдаги тартибига қўшимча тариқасида “Study in Uzbekistan” платформаси орқали қабул қилиш йўлга қўйилади.
2026/2027 ўқув йилидан таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар таълимнинг кейинги босқичи учун ҳужжат топширишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификатни тақдим этишдан озод этилади.
Қуйидагилар ташкил этилади: Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази негизида Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ва Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси ҳамда Ёшлар академияси негизида Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси.