Туркий давлатлар ташкилотининг Габала саммитида Ўзбекистон Президенти туркий дунёни мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Габала саммитида туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Президентнинг асосий таклифлари қаторида — минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф қилди.
Мирзиёев стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Шунингдек, Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф этди.
Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, "Туркий яшил йўлаклар" тизими ва "Яшил трансформация" консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди.
Президент шунингдек, Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Молиявий ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди: Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этди.
Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси"ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғоясини илгари сурди.
Таълим ва маданият соҳасида — Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилди. 2026 йилда "Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида" мавзусида халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Кун тартибига экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни таклиф этди.
Президент Мирзиёевнинг ушбу ташаббуслари Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, янги иқтисодий ва таълимий имкониятлар яратиш ҳамда туркий дунёнинг маданий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этишга қаратилган.
#Шавкат Мирзиёев