Тошкентдан Orient Silk Road Express туристик поездининг янги рейси йўлга чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 4 октябрь куни Тошкент марказий вокзалидан Orient Silk Road Express туристик поездининг янги рейси йўлга чиқди. Бу сафарда ўндан ортиқ мамлакатдан келган сайёҳлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Меҳмонлар учун вокзалнинг VIP залида миллий ошхона таомлари билан фуршет ва жонли мусиқа ҳамроҳлигида тантанали кутиш маросими ташкил этилди.
Шарқона меҳмондўстлик муҳити ва бутун сафар давомида янграган куйлар туристларга илк дақиқаларданоқ ёрқин кайфият ва Ўзбекистон ҳақида унутилмас таассуротлар ҳадя этди.
Сайёҳлар таъкидлашича, Orient Silk Road Express поездидаги саёҳат уларга Буюк Ипак йўлининг руҳини ҳис этиш имконини беради. Бу нафақат вагонлар қулайлиги ва ҳаракатнинг сукунатли ритми, балки табиат манзараларининг босқичма-босқич алмашиниб боришини кузатиш орқали ҳам намоён бўлади.
Бундай саёҳатларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон темир йўллари мутасаддиларининг дунёнинг етакчи темир йўл туризм операторларидан бири бўлган Германиянинг Lernidee Erlebnisreisen GmbH компанияси билан узоқ йиллик ҳамкорлиги туфайли амалга оширилди.
Orient Silk Road Express ўз йўлини давом эттирмоқда — ҳар бир сафарни тарих ва замонавий қулайлик уйғунлигига айлантириб, сайёҳларга минтақанинг маданий ва тарихий меросига чуқур шўнғиш учун ўзига хос имконият яратмоқда.