Тошкентда VII Hotel Business Forum 2026 бўлиб ўтмоқда: сунъий интеллект меҳмондўстлик индустриясини трансформация қилишда драйвер сифатида
Тошкентда VII Hotel Business Forum 2026 бўлиб ўтмоқда: сунъий интеллект меҳмондўстлик индустриясини трансформация қилишда драйвер сифатида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 13-14 февраль кунлари Hilton Tashkent City меҳмонхонасида VII Hotel Business Forum 2026 - меҳмонхона саноати ва HoReCa учун йиллик профессионал тадбир бўлиб ўтади. Бу йилги форум "Сунъий интеллект: туризм ва меҳмондўстликнинг янги йўналиши" мавзусига бағишланади.
Тадбир Ўзбекистон Меҳмонхоналар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг расмий кўмагида ташкил этилмоқда.
Hotel Business Forum – бу инвесторлар, девелоперлар, жойлаштириш воситалари эгалари ва бошқарувчилари, халқаро экспертлар, туроператорлар, рестораторлар, етказиб бериш хизмати ва туризм бозори ҳамкорларини бир жойга тўплаб, амалий ечимларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш имконини берадиган халқаро тадбирдир.
Форум минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, амалий тажриба алмашиш, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда туризм ва меҳмондўстлик соҳасининг рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашишни мақсад қилган.
Тадбир дастурида халқаро экспертлар иштирокидаги пленар мажлис, панель сессиялари, муваффақиятли меҳмонхона тажрибаларини таҳлил қилиш, IТ ечимлари ва хизмат кўрсатиш платформалари тақдимотлари, шунингдек, халқаро алоқалар ўрнатиш ва B2B учрашувлари ўрин олган.
Ишбилармонлик дастури соҳада аллақачон қўлланилаётган амалий тажрибалар ва бошқарув ечимлари атрофида шакллантирилади: меҳмонхона ва ресторанларни бошқаришда сунъий интеллект ва технологиялардан фойдаланиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, маркетинг ва савдони ривожлантириш ҳамда барқарор амалиётларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилади. Иштирокчилар лойиҳалар, брендлар ва инвестиция имкониятларини, “ақлли” ва яшил технологияларнинг бизнес барқарорлигига таъсирини, аёллар етакчилигининг роли ва технологиялар ҳамда инсонийлик ўртасидаги мувозанатни излашни, шунингдек, сунъий интеллектнинг меҳмонхона бошқаруви, хизмат кўрсатиш, маркетинг ва барқарор ривожланишни қандай ўзгартираётганини муҳокама қиладилар. Келажак ресторанига – унинг технологиялари, таъмлари ва экологик тозалигига ҳамда янги авлод меҳмонхона ва ресторан эгаларига қандай кўникмаларни ўргатиш кераклигини тушуниш учун сунъий интеллект даврида юмшоқ кўникмаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади.
Тадбирда Radisson, Hilton, Accor, Marriott, Wyndham ва бошқа халқаро меҳмонхона брендларининг минтақавий раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Маърузачилар сифатида InterContinental Hotels Group, Wyndham Hotels&Resorts, Minor Hotels каби халқаро брендлар ва соҳанинг етакчи компаниялари вакиллари сўзга чиқадилар.
Бундан ташқари, Форумда HoReCa сегменти учун маҳсулот ва хизматларнинг тўлиқ мажмуасини тақдим этувчи Интерактив B2B кўргазмаси ташкил этилади. Унда меҳмонхона хизматларининг етакчи таъминотчилари иштирок этади. Хусусан, жиҳозлар, профессионал идиш-товоқлар ва инвентарь, мебель ва интерьер буюмлари, профессионал тўқимачилик маҳсулотлари, форма кийимлари, хавфсизлик тизимларини автоматлаштириш, ёруғлик ва овоз ускуналари ишлаб чиқарувчилари ҳамда етказиб берувчилари ўз маҳсулотларини намойиш этадилар.
Тадбир Ўзбекистонда меҳмонхона саноати ва туризмни ривожлантиришга қаратилган меморандум ва битимларни имзолаш учун платформа вазифасини бажаради.
Ўтган йили форум 1050 дан ортиқ инвестор ва бозорнинг профессионал иштирокчиларини бирлаштирди, 105 нафар етакчи спикер ва соҳа экспертларини жамлади, 50 нафар оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборини тортди. Форум доирасида 42 та мавзуда мунозара ўтказилиб, ҳамкорликда ишлашдан манфаатдор бўлган бизнес ҳамкорлар учун 150 дан ортиқ ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Hotel Business Forum 2026 доирасида юбилей V Миллий меҳмондўстлик мукофотини топшириш маросими ўтказилади. Бу “2025 йил мукофоти” деб номланади, чунки у ўтган йил якунлари бўйича эришилган натижалар ва ютуқларни акс эттиради.
Номинацияларга ариза топширганлар географияси Қорақалпоғистон Республикасидан Фарғона водийсигача кенгайиб, 210 та меҳмонхона ва 305 та аризани қамраб олди.
Якуний баҳолаш икки таркибий қисмдан иборат: 50 фоизи – TrustYou халқаро рейтинг агентлиги маълумотлари (меҳмонларнинг фикр-мулоҳазалари) асосида ва қолган 50 фоизи - ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг баҳолаш натижалари бўйича шакллантирилади.
Халқаро меҳмонхона брендлари Ўзбекистон меҳмонхона хизматлари бозорида ўз мавқеини фаол равишда мустаҳкамламоқда: 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатда IHG, Accor, Wyndham, Radisson, Hilton ва Hyatt каби глобал тармоқлар муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
2025 йилда вилоятларда 1023 та жойлаштириш объекти, жумладан 136 та меҳмонхона, 528 та оилавий меҳмон уйи, 298 та ҳостел ва 61 та бошқа турдаги жойлаштириш воситалари фойдаланишга топширилди.
Жойлаштириш объектларининг умумий сони 6921 тага етиб, улардаги ўринлар сони 185,6 мингни ташкил этди.
2025 йилда Ўзбекистонга 11,6 миллион нафар хорижий фуқаро сайёҳлик мақсадида ташриф буюрди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” ички туризм дастури доирасида юртимиз аҳолиси вилоятлар бўйлаб 23,7 миллион марта саёҳат амалга оширди.