Тошкентда қиймати 90 миллион долларлик алюминий идишлар ишлаб чиқариш ва ичимликларни қадоқлаш лойиҳаси ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлиб, алюмин қадоқ ишлаб чиқариш, салқин ичимликлар қуйиш корхонаси фаолияти билан танишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда саноатлаштириш сиёсати янги босқичга кўтарилди. Ўзига хос ишлаб чиқариш қуввати ва халқаро технологик стандартлар асосидаги иқтисодий ўсиш модели шаклланди.
“Янги авлод” махсус саноат зонаси давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 20 мартдаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган. У замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси, қулай логистика имкониятлари ва инвесторлар учун яратилган кенг имтиёзлари билан ажралиб туради.
Ҳудуддаги истиқболли лойиҳалардан бири “East Can Solutions” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Бу ерда алюмин қадоқ ишлаб чиқариш ва салқин ичимликлар қуйиш мажмуаси ташкил этилди.
Президентимиз лойиҳанинг истиқболи, у ерда тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Шу ерда лойиҳага расман старт берилди.
Корхона 21 гектар ҳудудда жойлашган. Қиймати 90 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа асосан хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилмоқда.
Марказий Осиёдаги саноқли корхоналар сирасига кирувчи бу мажмуа АҚШ, Буюк Британия, Италия ва Германияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Ишлаб чиқариш жараёни эса тўлиқ рақамлаштирилган.
Корхона қуввати босқичма-босқич ошириб борилади. Илк босқичда йилига 600 миллион дона, кейинги босқичларда эса 1,1 миллиард ва 2,2 миллиард дона алюмин қадоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткичлар нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки минтақавий миқёсда рақобатбардош маҳсулот экспорт қилиш имконини ҳам яратади.
Лойиҳанинг ишга тушиши натижасида 60 миллион долларлик импорт ўрни қопланиб, 20 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Маҳаллийлаштириш даражаси 90 фоизга етказилади. Эътиборлиси, корхонадаги барча лойиҳалар тўлиқ ишга тушиши билан 500 та янги иш ўрни яратилади. Бюджет учун эса салмоқли солиқ тушумлари таъминланади.
Президентга шу ерда “Янги авлод” махсус саноат зонасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида ахборот берилди.
Масъуллар саноат зонасининг умумий ривожланиш стратегияси, маҳаллийлаштириш, рақамлаштириш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича қилинган ишлар хақида маълумот берди.
Бу ерда озиқ-овқат, электротехника, машинасозлик, кимё ва қурилиш материаллари йўналишларида жами 1 миллиард 200 миллион долларлик 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарига уларнинг 28 таси тақдимот қилинди. Яқин истиқболда амалга ошадиган ушбу ташаббуслар амалга ошиши натижасида 7 минг 600 та янги иш ўрни яратилади.
Улар нафақат иқтисодий самара, балки янги иш ўринлари, экспорт салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш орқали ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилиши қайд этилди.
#Шавкат Мирзиёев