Тошкентда пора билан ушланган бош мутахассис қочмоқчи бўлди
Тошкентда пора билан ушланган бош мутахассис қочмоқчи бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда коррупцион ҳолат фош этилди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, ундан 1500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Қўлга олиш жараёнида у қочишга уринган, бироқ тезкор ходимлар томонидан ушлаб қолинган.
Аниқланишича, бош мутахассис Юнусобод туманидаги 6 та уйга хизмат кўрсатишни бир МЧЖдан иккинчи МЧЖга ўтказиш ҳақидаги уй-жой мулкдорлари имзолаган далолатномаларни биллинг тизимининг “Менинг уйим” платформасидан рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига
2200 АҚШ доллари талаб қилган ва бу ишларни ўзининг мансабдор танишлари орқали ҳал қилиб беришни режалаштирган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.