Тошкентда Ўзбекистон–Беларусь ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкентда Ўзбекистон–Беларусь ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 февраль куни Тошкент шаҳрида Беларусь Республикаси ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Беларусь Савдо-саноат палатаси раиси Михаил Мятликов, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, тармоқ бирлашмалари ва икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Ишбилармонлар кенгаши икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва амалий масалаларни тезкор ҳал этиш учун самарали платформага айланган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони 242 тага етгани қайд этилди. Уларнинг 57 таси қўшма корхона, 185 таси эса хорижий корхоналардир. Бу рақамлар ҳамкорликнинг амалий натижаларини яққол намоён этади.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, тўқимачилик ва чарм-пойабзал, мебелсозлик ҳамда ёғочни қайта ишлаш соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Шунингдек, тармоқ комиссиялари доирасида янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида амалий натижа сифатида 12 та ҳужжат имзоланди. Улар машинасозлик ва агротехника, тўқимачилик ва енгил саноат, фармацевтика, қурилиш, озиқ-овқат саноати, биржа савдоси ва логистика каби кенг қамровли соҳаларни ўз ичига олди.