Тошкентда OSTEN ақлли сув ҳисоблагичлари заводи очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Течнопарк МЧЖ ва Диеҳл Метеринг томонидан ҳамкорликда ташкил этилган OSTEN ақлли сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқарувчи янги заводнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, “SUEZ International SAS” компанияси, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” акциядорлик жамияти, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Янги ишлаб чиқариш корхонаси йилига 350 минг дона замонавий «ақлли» сув ҳисоблагич ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, келгусида маҳсулотни тўлиқ маҳаллийлаштириш режалаштирилган.
«OSTEN» сув ҳисоблагичлари халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Ушбу ҳисоблагичлар “Diehl Metering” компанияси томонидан ишлаб чиқилган “IZAR NET” ва “ZAR Mobile” ахборот тизимлари ёрдамида сув сарфини реал вақт режимида кузатиш, сув сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда тўловларни шаффоф амалга ошириш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги 428-сонли қарорига мувофиқ “Тошкент шаҳри ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида мана шундай замонавий «ақлли» сув ҳисоблагичлардан ўрнатилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади истеъмолчилар учун қулайлик яратиш, ичимлик сувини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб жараёнларини шаффофлаштириш, соҳани рақамлаштириш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашдан иборат. Лойиҳага кўра 2028 йилга қадар Тошкент шаҳрида жами 670 минг дона «ақлли» сув ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, ушбу ташаббус сув инфратузилмасини модернизация қилиш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш ва истеъмолчилар учун қулай шароит яратишда муҳим қадам бўлиб, мамлакатда экологик барқарорлик ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.