Валюта курслари 13/11/2025
$1 – 11972.35
UZS – -0.15%
€1 – 13852.01
UZS – -0.1%
₽1 – 147.52
UZS – -0.02%
Қидириш
Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг савдо ва инвестиция вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг савдо ва инвестиция вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг савдо ва инвестиция вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 13 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатларининг савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши ташкил этилди.

Тадбирнинг мақсади минтақа давлатлари ўртасида савдо, инвестиция ва саноат кооперацияси соҳаларидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацион ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган қўшма ташаббусларни илгари суришдан иборат бўлди. Ушбу йиғилиш минтақавий иқтисодий мулоқотни институционал асосда ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов; Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев; Тожикистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Завки Завкизода; Туркманистоннинг савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Агаҳанов; Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Элнур Алиев; Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов;  иштирок этди.

Йиғилиш давомида Марказий Осиё мамлакатларининг савдо ва инвестиция вазирлари ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган комплекс чораларни муҳокама қилдилар. Товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш бўйича самарали механизмларни яратиш, “Маде ин Сентрал Ациа” бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини шакллантириш, шунингдек, халқаро молия институтлари ва йирик инвесторларни инфратузилма ҳамда саноат лойиҳаларига жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдоси барқарор суръатларда ўсиб бормоқда. Агар 2017 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3,2 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич икки баравардан кўпроққа ошиб, 6,9 млрд долларга етди. Хусусан, Қозоғистон билан савдо ҳажми 4 млрд долларга яқинлашмоқда, Қирғизистон билан – 700 млн долларга, Тожикистон билан 570 млн доллардан ошган, Туркманистон билан эса сўнгги беш йилда савдо икки баравардан кўпроққа ошиб, 1,15 млрд долларга етди. Озарбайжон билан савдо айланмаси эса йил бошидан буён 13 фоизга ўсгани қайд этилди.

Йиғилиш давомида божхона ва чегара тартиб-таомилларини янада оптималлаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштира оладиган саноат хабларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Саноат кооперациясини ривожлантириш, хомашё ва технологик имкониятларни биргаликда ўзлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, кооперация ва қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, шунингдек, инвестициявий ўзаро ҳамкорликнинг янги механизмларини яратишга оид асосий келишувларни ўз ичига олган қўшма коммюнике имзоланди.

Тадбир конструктив ва ишчан муҳитда ўтди ҳамда Марказий Осиё давлатларининг саноат ва инвестиция соҳаларида энг динамик ривожланаётган ҳудудлардан бири сифатида минтақанинг биргаликда илгари силжишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг