Тошкентда ИҲТ Котибияти ҳузуридаги Туризм бўйича маслаҳат қўмитасининг илк йиғилиши ўтказилди
Тошкентда ИҲТ Котибияти ҳузуридаги Туризм бўйича маслаҳат қўмитасининг илк йиғилиши ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 26 ноябрь куни Тошкентда туризм ҳафталиги доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Котибияти ҳузуридаги Туризм бўйича маслаҳат қўмитасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур платформа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йилда Тошкентда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида илгари сурилган ташаббусга асосан ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади туризм соҳасини ривожлантириш, аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма сайёҳлик лойиҳаларини амалга оширишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда ИҲТ Котибияти, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм идоралари вакиллари, хусусий сектор ҳамда мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилишда асосий эътибор минтақада туризмни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш, давлат органлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, шунингдек, барқарор туризм амалиётларини рағбатлантириш масалаларига қаратилди. Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф этилган “Туризм соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича йўл харитаси” алоҳида кўриб чиқилди.