Тошкентда энергия самарадорлиги бўйича "Яшил ва қулай уй-жой" форуми бўлиб ўтди
Тошкентда энергия самарадорлиги бўйича "Яшил ва қулай уй-жой" форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси, Марказий банк ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида “Яшил ва қулай уй-жой” халқаро форуми ўтказилди.
Тадбир уй-жой бозорини модернизация қилиш, энергия тежамкор қурилиш стандартларини жорий этиш ва ипотекани молиялаштиришнинг замонавий механизмларини ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Форумнинг очилиш қисмида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев кириш нутқи билан қатнашчиларга мурожаат қилди. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки ваколатхонаси директори Лао-Арая Канокпан ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси директори Анди Аранитаси форум иштирокчиларини табриклади. Расмий қутлов нутқи Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси Бош ижрочи директори Муроджон Фарманов томонидан тақдим этилди.
Дастлабки сессияда Умид Абидхаджаев сўнгги йилларда уй-жой сиёсатида амалга оширилган ислоҳотлар, энергия самарадор қурилишни кенгайтириш бўйича ташаббуслар ҳамда 2040 йилгача уй-жойлар ҳажмини икки баравар ошириш ва ипотека кредит портфелини $56,7 миллиардга етказиш каби стратегик мақсадларни баён қилди. Шунингдек, соҳада институционал база мустаҳкамланаётгани ва халқаро ҳамкорлик фаол ривожланаётгани таъкидланди.
Тадбир доирасида бир қатор халқаро келишувлар имзоланди:
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ўртасида — Ўзбекистон ипотека бозорини ривожлантириш ва узоқ муддатли молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган $40 миллионлик кредит линияси бўйича қарз шартномаси;
Франция тараққиёт агентлиги ва Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ўртасида — мамлакатда узоқ муддатли ипотека молиялаштириш механизмларини кенгайтиришга хизмат қилувчи молиявий ҳамкорлик битими;
Глобал яшил ўсиш институти ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида — яшил молиялаштириш тизимидаги бўшлиқларни тўлдириш бўйича англашув меморандуми;
БМТ Тараққиёт дастури ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида — яшил иқтисодиётга ўтишда миллий эмиссия савдо тизими такомиллаштиришга қаратилган ният баёноти тасдиқланди.
Имзоланган келишувлар Ўзбекистонда барқарор ва узоқ муддатли «яшил» ипотека тизимини шакллантиришнинг муҳим босқичидир.
Форумнинг пленар ва панель сессияларида уй-жой бозоридаги глобал тенденциялар, энергия тежамкор қурилишнинг самарадорлиги, хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмлари ва халқаро ипотека институтлари тажрибаси юзасидан кенг қамровли муҳокамалар ўтказилди. Марказий банк, ОТБ, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа ташкилотлар экспертлари томонидан ипотека бозорининг барқарорлигини таъминлаш бўйича амалий тавсиялар билдирилди.
Форум доирасида, шунингдек, ипотека бозорини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган тижорат банкларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тақдирлаш жараёнида банклар “Энг фаол”, “Энг креатив” ва “Энг масъулиятли ҳамкор” номинациялари бўйича эътироф этилди.
“Яшил ва қулай уй-жой” халқаро форуми уй-жой бозорида шаффофликни ошириш, аҳолига сифатли ва энергия самарадор уй-жойлар яратиш, шунингдек, иқтисодиётнинг яшил трансформациясини жадаллаштиришга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдонига айланди.