Тошкентда ДХХ гувоҳномасини қалбакилаштириб, ўзини махсус хизмат ходими сифатида кўрсатган эркак қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчасида ўтказилган қўшма тезкор тадбир пайтида 32 ёшли фуқаро Д.О.ни тўхтатишди. У ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништирган.
Оқ рангли Lacetti автомашинаси тўхтатилганда, ҳайдовчи инспекторларга Давлат хавфсизлик хизмати номи билан қалбаки гувоҳнома кўрсатиб, ўша хизмат ходими эканини айтган. Шу билан бирга, у гўёки юқори лавозимда ишлайдиган “рахбар”га қўнғироқ қилиб, “менинг ишимни қўйиб юбориш” ҳақида “буйруқ беришини” сўраган. Унинг ҳаракатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда шубҳа уйғотган ва текширув натижасида гувоҳнома сохта экани, Д.О.нинг эса Давлат хавфсизлик хизматига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланган.
Тергов жараёнида маълум бўлишича, ушбу шахс аввал судланган ва турли вақтларда Президент Администрацияси, вазирликлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими сифатида ўзини таништириб, қалбаки ҳужжатлардан шахсий манфаати учун фойдаланган.
Суд мажлисида у ўз айбини тўлиқ тан олган ва шундай деган:
«Мен ўзимни Президент Администрациясидан Алишер ака Сулаймонов деб таништирардим. Кейин уларнинг жияниман, деб айтардим. Ишимни тезроқ ҳал қилиш учун ёрдам сўрардим. Бу жуда нотўғри иш бўлди. Давлат раҳбаридан ва халқимдан узр сўрайман. Бу ахмоқлик эди».
Суд қарорига кўра, Д.О. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари ҳамда 3-қисмида назарда тутилган (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкларни тайёрлаш, қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) жиноятлар бўйича айбдор деб топилди ва унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.