Тошкент вилоятида шолидан мўл ҳосил етиштирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Rice” шоличилик кластери фаолияти билан танишди.
Ушбу масъулияти чекланган жамиятда шоли етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжири яратилган.
Айтиш жоизки, илгари шоликорлар фаолияти тарқоқ бўлгани учун тузук даромад ололмасди. Айниқса, шолини қайта ишлашда кўплаб муаммоларга дуч келинарди. Кейинги йилларда алоҳида эътибор туфайли соҳада сифат ўзгаришлари бошланди, самарадорлик ошди.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида ҳам шоличилик тармоғида муайян ютуқларга эришилмоқда.
Вилоятда жорий йил ҳосили учун 8,7 минг гектар шоли экилди. Сув тежовчи технологиялар учун 3 минг гектар ер лазерли текисланди. Натижада вилоят бўйича 60 миллион метр куб сув тежалди, 522 тонна уруғлик сарфи камайди.
Жумладан, “TCT Rice” кластери томонидан 2 минг гектардан зиёд майдонда “Искандар”, “Гулистон”, “Нукус” навлари экилиб, парваришланди.
Бугунги кунда 985 гектар майдонда шоли йиғиб олиниб, гектарига ўртача 65-70 центнердан, айрим далаларда 80-85 центнердан ҳосил олинди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда фермерлар, қишлоқ хўжалиги фахрийлари билан мулоқот қилди. Улар ҳосилдор навлар ва янгича агротехнологиялар туфайли меҳнатдан манфаатдорлик ошиб бораётганини айтди.
– Бугун ҳамма соҳада илмга, инновацияга, илғор технологияларга таяняпмиз. Қишлоқ хўжалигида ҳам бозор тамойилларини жорий этиб, даромадни оширмаганимизда бугунгидек ҳосилдорлик бўлмасди. Сўнгги вақтларда табиат ўзгариб, сув тақчиллиги ортмоқда. Энди миришкорлар бунга мослашиб ишлаши, томчилатиб суғориш, сувдан тежаб фойдаланишни ўрганиши керак, – деди Президент.
Соҳадаги хорижий тажрибаларни ўрганиш, илм билан меҳнат унумдорлигини ошириш муҳим экани таъкидланди. Мутасаддиларга ҳосилдор навларни кўпайтириш, қайта ишлашни кучайтириш, сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
#Шавкат Мирзиёев