Тошкент вилоятида оммавий заҳарланишдан жабрланган болалар сони 1940 нафарга етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида салкам 2 минг нафар бола номаълум озуқадан заҳарланган. Уларнинг 21 нафари ўрта оғир аҳволда қолмоқда. “Дарё” журналисти Бўка ҳамда Пискент туманларида бўлиб, вазиятни ўрганди.
“Дарё” журналистининг суриштирувларидан маълум бўлишича, 26 сентябрь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, 1940 нафар боғча боласи заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатдан шикоят қилиб, шифохонага мурожаат қилган.
Овқатдан заҳарлангани айтилаётган болаларнинг 1110 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилгач, аҳволи яхшилангани боис 26 сентябрь куни соат 10:00 га қадар уйига жавоб берилган. 21 нафари эса ўрта оғир аҳволда қолмоқда. 809 нафари енгил аҳволда, ҳолати яхши дейилмоқда.
Оққўрғон туманидаги боғчаларнинг 413 нафар тарбияланувчиси овқатдан заҳарланишдан шикоят қилиб шифохонага мурожаат қилган бўлса, Бўка туманида бу кўрсаткич 537 нафарни ташкил қилган.
430 нафар пискентлик бола оғриқдан азият чекиб, шифокорга мурожаат қилган бўлса, Қуйи Чирчиқ туманида 64 нафар, Бекобод туманида 98 нафар, Олмалиқ шаҳрида 285 нафар ҳамда Нурафшон шаҳрида 113 нафар бола шифохонага ётқизилган.