Валюта курслари 13/11/2025
$1 – 11972.35
UZS – -0.15%
€1 – 13852.01
UZS – -0.1%
₽1 – 147.52
UZS – -0.02%
Қидириш
Тошкент вилояти ва Голливуд ҳамкорлик меморандумини имзоладилар

Тошкент вилояти ва Голливуд ҳамкорлик меморандумини имзоладилар

Тошкент вилояти ва Голливуд ҳамкорлик меморандумини имзоладилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Америка Қўшма Штатларида хизмат сафари билан бўлиб турибди. 

Сафар дастуридан ўрин олган тадбирлар доирасида Тошкент вилояти ва Флорида штатининг Голливуд шаҳри ўртасида бизнес-форум ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Голливуд шаҳри мери Жош Леви, Голливуд шаҳар раҳбарияти, ҳудуд савдо-саноат палатаси мутасаддилари, икки ҳудуд ишбилармон доира вакиллари, йирик бизнес эгалари ҳамда инвесторлар ва ҳар икки томоннинг соҳалар бўйича масъул раҳбарлари иштирок этди.

Форум аввалида Голливуд мери Жош Леви Тошкент вилояти делегациясининг АҚШга ташрифи билан самимий қутлади. Шундан сўнг, икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, Голливуд шаҳрининг иқтисодий ва туристик салоҳияти, меҳмонхона, хизмат кўрсатиш, транспорт, логистика ва кичик бизнесни ривожлантириш борасидаги тажрибалари, қолаверса, Флорида Штатининг агросаноатда эришган натижалари хусусида батафсил маълумот берди.

Маълумки, Флорида АҚШнинг энг йирик ва иқтисодий жиҳатдан фаол ҳудудларидан бири бўлиб, мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшиб келмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, штат ялпи ички маҳсулоти номинал қийматларда 1,7 триллион доллардан ортиқ бўлиб, бу кўрсаткич бўйича АҚШда 4-ўринни эгаллайди. Голливуд шаҳри эса Флорида штатининг замонавий курорт ва иқтисодий марказларидан ҳисобланади.

Зойир Мирзаев делегация номидан миннатдорлик изҳор этиб, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги дипломатик муносабатлар фаол ривожланаётгани, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги икки ой ичида АҚШга икки маротаба расмий ташриф буюргани бунинг яққол тасдиғи экани, минтақалар даражасидаги ҳамкорлик бу жараёнда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, мазкур бизнес-форум нафақат Тошкент вилояти ва Голливуд шаҳри, балки ҳар икки мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти, саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика ва туризм соҳаларидаги имкониятлар, вилоятда амалга оширилаётган инвестисия лойиҳалари ва хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда саноат зоналари ҳақида тақдимот қилиниб, махсус ролик намойиш этилди.

Форум доирасида ташкил этилган Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам барчада катта таассурот қолдирди. 

Голливуд шаҳри билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида яқин фурсатларда Тошкент вилоятида “Голливуд ҳафталиги”ни, Голливуд шаҳрида эса “Тошкент вилояти кунлари”ни ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Икки минтақа ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи меморандум имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг