Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ўртасида саноат ва инвестиция ҳамкорлиги кенгаймоқда
Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ўртасида саноат ва инвестиция ҳамкорлиги кенгаймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бошқирдистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – саноат, энергетика ва инновациялар вазири Александр Шелдяевни қабул қилди.
Россия Федерацияси вакили учрашув чоғида Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабировнинг самимий салом ва миннатдорлик сўзларини етказди ҳамда Тошкент вилоятининг саноат ва инвестиция салоҳиятини юксак баҳолади.
Бош вазир ўринбосари Александр Шелдяев “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ имкониятларига алоҳида тўхталиб, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва бошқа саноат товарларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар ташкил этиш имкониятлари мавжудлигини қайд этди.
Шунингдек, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш соҳасига инвестиция киритиш, Россиянинг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилари тажрибасидан кенг фойдаланиш истагини билдирди.
Александр Шелдяев, шунингдек, таълим ва илм-фан йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, олимлар ва талабалар ўртасида алмашинувни йўлга қўйиш бўйича таклифлар берди ҳамда Ўзбекистон ёшларини Бошқирдистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида ўқишга таклиф этди.
Зойир Мирзаев вилоятимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, шунингдек саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштириш билан шуғулланаётган корхоналар учун тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Россия мутахассисларини вилоятимизда дори-дармон ишлаб чиқаришда қўлланиладиган шифобахш ўсимликлар ва асал етиштириш билан шуғулланишга таклиф этди.
Учрашув якунида томонлар бизнес ҳафталарини биргаликда ўтказиш, ҳамда Тошкент вилояти ва Бошқирдистон Республикаси ишбилармон доиралари ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил этиш бўйича келишиб олдилар.