Валюта курслари 17/10/2025
$1 – 12160.99
UZS – -0.59%
€1 – 14178.50
UZS – -0.39%
₽1 – 153.92
UZS – -0.59%
Қидириш
Тошкент шаҳрида инфратузилмани ривожлантириш режалари муҳокама қилинди

Тошкент шаҳрида инфратузилмани ривожлантириш режалари муҳокама қилинди

Тошкент шаҳрида инфратузилмани ривожлантириш режалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёевга пойтахтни комплекс ривожлантириш, саноат ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш масалалари юзасидан ахборот берилди.

Тақдимотда “Янги авлод” махсус саноат зонасини ривожлантириш режалари кўриб чиқилди.

774 гектар майдонда ташкил этилган мазкур ҳудудда ҳозиргача 268 гектарда 28 та лойиҳа амалга оширилмоқда, уларнинг умумий қиймати эса 800 миллион долларга тенг. Яна 300 гектарда жойлашадиган 30 та лойиҳа бўйича инвесторлар аниқланган бўлиб, умумий инвестицияларнинг ҳажми 400 миллион долларни ташкил этади.

Саноат зонасини янада кенгайтириш ва янги қувватларни жойлаштириш ҳисобига иш ўринларини яратиш, юқори қўшилган қийматли ҳамда технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди. 

Масалан, саноат зонаси ҳудудида 288 миллион доллар инвестиция ҳисобига мультимодал логистика терминали барпо этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳа Дубайнинг “DP World” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Терминал ишга тушгач, пойтахт ва Тошкент вилоятининг логистика имкониятлари кенгаяди, экспорт ва импорт операциялари тезлашади.

Пойтахтда йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, Шота Руставели кўчасидаги тажрибадан келиб чиқиб, “BRT” тизими (Bus rapid transit) асосида яна 10 та кўчада шундай қурилиш ишлари бошланади.

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт оқимини тартибга солиш ва шаҳар қиёфасини ягона дизайн-код асосида такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Келгуси йилда маҳаллаларни ободонлаштириш, гастрономик кўчалар қуриш ва суғориш тизимларини янгилаш ишларига маҳаллий бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди.

Президентимиз пойтахтдаги янгиланишлар инсонлар учун қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратишга, иқтисодий фаоллик ва тадбиркорлик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Тақдимот давомида бошқа ҳудудлардаги йирик лойиҳалар юзасидан ҳам маълумот берилди. Жумладан, Бухоро шаҳрининг сайёҳларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтириш режалари кўриб чиқилди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг