Тошкент аэропортида «таксоматлар» ва янги озиқ-овқат шохобчалари пайдо бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Uzbekistan Airports” компанияси Тошкент халқаро аэропортида жойлашган майдонларни ижарага бериш учун бир нечта лотларни кимошди савдосига қўйди.
Халқаро авиақатновлар терминали учиш залининг учинчи қаватида техник шартларга мувофиқ халқаро ва маҳаллий бренд остида бўлган умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш учун ҳар бири 100 кв.м бўлган иккита лот аукционга қўйилади. Ҳар бир лотнинг бошланғич баҳоси – 600 миллион сўм, ҚҚСсиз.
Халқаро авиақатновлар терминалининг стерил ҳудудида яна бир озиқ-овқат хизмат кўрсатиш шохобчаси режалаштирилган. Кофе бурчагини ташкил қилиш учун 20 кв.м майдон ким ошди савдосига қўйилади. Лотнинг бошланғич қиймати ҚҚСсиз йилига 720 миллион сўм этиб белгиланди.
Шунингдек, рўйхатдан ўтиш ҳудудида банкоматларни(АТМ) ўрнатиш учун жуда яна бир лот қўйилган. Лотнинг бошланғич қиймати – ҚҚСсиз йилига 18 миллион сўм.
Бундан ташқари, халқаро учиб келиш залида 2 кв.м майдон таксини мустақил равишда чақириш учун мўлжалланган «таксомат» ўрнатиш учун кимошди савдосига қўйилди. Лотнинг бошланғич йиллик қиймати – ҚҚСсиз 12 миллион сўм.
Ушбу аукционлар жорий йилнинг 29 май куни E-auksion.uz электрон платформасида бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, аукционда иштирок этувчи компаниялар техник шартларга мос келишлари шарт. Ижарачиларга қўйиладиган талаблар ва бошланғич нархлар E-auksion веб-сайтида барча лотлар бўйича мавжуд. Ким ошди савдоси қоидаларига кўра, дастлабки йиллик нархлар савдо пайтида камида 10% га ошиши мумкин.