Тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2025 йил 11 ноябрдаги 718-сонли қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, тиббиёт муассасасига мижоз режали тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз, ўз ихтиёри билан мурожаат қилганда, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пулли асосда кўрсатилади.
Давлат томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кафолатланган пакет доирасида бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлардан ташқари хизматлар қўшимча ҳисобланади ва пулли асосда кўрсатилади.
Мижоз тиббиёт муассасаларининг рўйхатга олиш бўлимлари томонидан қабул қилинади ва рўйхатга олинади.
Ҳар бир мижознинг тиббий картасига унинг шахсини тасдиқловчи маълумотлари асосида пулли хизмат кўрсатилиши белгиланади.
Мижозлар тиббиёт муассасасига тўловни олдиндан тўлиқ тўлаш шартларида қабул қилинади.
Тиббиёт муассасаларига келган шахслар тасдиқланган нархнома бўйича ҳақ тўлагандан сўнг маслаҳат олиш учун мутахассис шифокорга ва (ёки) инструментал-лаборатор ташхис қўйишга юборилади.
Текширув натижаларига кўра тор соҳа мутахассиси кўригига юбориш ва (ёки) мижозга амбулатор ёки стационар шароитда даволаниш чораси белгиланади.