Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Сума Чакрабарти Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баходир Рахматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан онлайн мулоқот ўтказди.
Мулоқотда маслаҳатчи офиси томонидан 2025 йилда амалга оширилаётган ишлар натижалари кўриб чиқилди.
Хусусан, давлат органларининг халқаро молиявий институтлар ҳамда донорлар билан ўзаро ҳамкорлиги воситаси сифатида Ўзбекистон “Мамлакат платформаси” ташаббусидан самарали фойдаланиш, ушбу платформа котибияти ва ишчи гуруҳлар фаолияти натижадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, демографик ўзгаришлар ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини таҳлил қилиш, қарорлар қабул қилишда статистик маълумотларга асосланишни кучайтириш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш бўйича фикр алмашилди. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистонда миллий демографик барқарорлик стратегияси лойиҳаси бўйича амалий таклифлар тақдим этилди.
Хорижий инвесторлар учун “Янги Ўзбекистон: улкан имкониятларга эга катта мамлакат” шиори остида роуд-шоу тадбирларини ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди. Мамлакатимизга энди кириб келаётган инвесторлар учун “ягона дарча” (консерж сервис) тамойили асосида хизматлар кўрсатиш, шунингдек, соҳадаги кадрлар салоҳиятини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
С. Чакрабарти Оксфорд университетининг “Саид бизнес мактаби” ўқув дастури доирасида 2026 йилда ҳам таълим соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар халқаро алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, устувор йўналишларда ҳамкорликни изчил кенгайтиришга ва янги қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.