Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида Солиққа оид низоларни судгача ҳал этиш учун ташкил этилган эксперт кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Унда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, Бош прокуратура, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Солиқ ва Божхона қўмиталари раҳбарияти ҳамда тадбиркорлар иштирок этдилар.
Мазкур кенгаш Президентнинг 2025 йил 11 июлдаги «Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–223-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, 2025 йил 24 октябрда қабул қилинган 672-сон Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятини тартибга солувчи низом тасдиқланган.
Кун тартибига кўра, Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги “Central Azia Chemicals” МЧЖ фаолиятида юзага келган муаммоли вазият, шунингдек Эксперт кенгашининг фаолиятини ташкил этиш ва уни юритиш бўйича Регламентни тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги солиқ низоларини тезкор, холис ва қонуний тарзда ҳал қилишга хизмат қиладиган таклиф ва тавсиялар шакллантирилди.
Йиғилиш якунида мутасадди идораларга солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, мавжуд бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар юборишга келишиб олинди.
Эксперт кенгашининг ишга тушиши тадбиркорлар манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, солиқ масалаларида адолат ва очиқликни таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланди.