Соғлом овқатланишга мослашувчи қишлоқ хўжалиги: Ўзбекистон агротизимларининг келажаги учун пойдевор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тўғри овқатланишга мослашувчи қишлоқ хўжалиги – бу қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда овқатланиш хилма-хиллиги ва тўйимлилигини устувор мақсад сифатида илгари сурадиган ёндашувдир. Унинг бош мақсади – барча ёшдаги аҳолига доимий равишда турли хил, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этишдир. Бу ёндашув, шунингдек, фермерлик амалиётларини яхшилаш, гигиена ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, чиқиндиларини камайтириш ҳамда соғлом овқатланишни тарғиб қилишда истеъмолчиларнинг хабардорлигини оширишни ўз ичига олади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда соғлом овқатланиш озиқ-овқат ва овқатланиш хавфсизлиги кун тартибининг марказига қўйилди. Сўнгги ташаббуслар қаторига 2030 йилгача озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш стратегиясининг қабул қилиниши, Озиқ-овқат тизимларига асосланган овқатланиш бўйича миллий кўрсатмаларнинг ишлаб чиқилиши, ФАО ва УНИСEФ кўмагида 2025 йилда уй хўжаликлари овқатланиши бўйича тадқиқот ўтказилиши ҳамда Миллий озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш бўйича Миллий йўл харитаси доирасида мониторинг тизимларини мустаҳкамлаш ва далилларга асосланган сиёсатларни илгари сурилишини мисол қилиш мумкин.
Шу мақсадда Тошкентда тўғри овқатланишга мослашувчи қишлоқ хўжалиги тизимларини ривожлантириш бўйича икки кунлик миллий ўқув семинари бўлиб ўтди. Тадбир ҳукумат вакиллари, экспертлар ва соҳа бўйича ҳамкорларни бирлаштириб, Ўзбекистоннинг барқарор соғлом овқатланишни тарғиб этишдаги саъй-ҳаракатларини кучайтиришга хизмат қилди. Семинар ФАОнинг: “Европа ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тизимларини трансформация қилиш” минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Ўзбекистон ушбу лойиҳанинг Арманистон ва Босния ва Герцеговина билан бир қаторда учта пилот давлатидан биридир.
Семинар ФАОнинг 80 йиллик юбилейи ва глобал “365 кунлик ҳаракат” доирасида ўтказилиб, ташкилотнинг бутун дунё бўйлаб барқарор ва овқатланишга сезгир агротизимларни ривожлантиришга бўлган қатъий садоқатини намоён этди.
“Барқарор ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш агротизимларни трансформация қилиш ҳамда фуқароларимиз фаровонлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда биз инсон саломатлиги, сайёрамиз фаровонлиги ва иқтисодий барқарорликни уйғунлаштирувчи ёндашувни қўллашимиз лозим”, — деди Шерзод Умаров, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёрдамчиси, ўз нутқида.
Семинар барқарор соғлом овқатланишни озиқ-овқат тизимларини трансформация қилишнинг марказий мақсади сифатида тарғиб этишга, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар ўртасида тармоқлараро мулоқотни кучайтиришга, сиёсат ишлаб чиқишда далилларга асосланган ёндашувни мустаҳкамлашга ҳамда озиқланишга сезгир қишлоқ хўжалигини жорий этиш имкониятлари ва салоҳиятни ривожлантириш эҳтиёжларини муҳокама қилишга қаратилди.
Иштирокчилар сафида Қишлоқ хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, бошқа давлат муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотларининг техник ходимлари фаол қатнашдилар.
Икки кун давомида миллий ва халқаро экспертлар Ўзбекистондаги озиқ-овқат ва овқатланиш ҳолатини кўриб чиқиб, парҳез билан боғлиқ соғлиқ муаммолари бўйича асосларни тақдим этдилар, ҳамда соғлом овқатланишга мослашувчи қиймат занжирлари каби инновацион воситаларни муҳокама қилдилар. Интерактив гуруҳ машғулотлари орқали иштирокчилар экотизимлар ва биологик хилма-хиллик, озиқ-овқат таъминоти занжирлари, озиқ-овқат муҳити ва истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракати каби йўналишларда асосларни аниқлашди.
Халқаро ҳамкорларнинг иштироки тадбирни янада бойитди. ИФАД (Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси) қишлоқ хўжалиги инвестицияларида озиқланишни интеграциялаш тажрибаси билан ўртоқлашди. ЭССРГ (Атроф-муҳит ижтимоий фанлар тадқиқот гуруҳи) эса Ўзбекистондаги шаҳар озиқ-овқат тизимлари баҳолашининг дастлабки натижаларини тақдим этди.
Иккинчи кун амалий жиҳатларга қаратилди: Соғлом овқатланишга мослашувчи тизимлар учун кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, сектор сиёсатини таҳлил қилиш ва салоҳият эҳтиёжларини аниқлаш. Шунингдек, шаҳар озиқ-овқат муҳити истеъмолчилар танловига ва соғлом овқатланишни тарғиб қилишга қандай таъсир кўрсатиши муҳокама қилинди.
Семинар якунида ФАО халқаро экспертлари Кристина Лоприоре ва Валентина Гасбарри барқарор тараққиёт учун секторлараро салоҳиятни мустаҳкамлаш ва далилларга асосланган ечимлардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар.