СМТИ директори Вашингтонда Атлантика Кенгашида нутқ сўзлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти (СМТИ) директори АҚШ пойтахтида Қўшма Штатлардаги етакчи таҳлил марказларидан бири бўлган Атлантика Кенгашида нутқ сўзлади.
Тадбир Оқ уйда бўлиб ўтган С5+1 форматидаги "АҚШ - Марказий Осиё" саммити якунларига бағишланди.
Муҳокамада АҚШ маъмурияти ва Конгресси вакиллари, шунингдек, Америка эксперт ва таҳлилий ҳамжамиятининг таниқли вакиллари иштирок этди.
Конгресс аъзоси Дина Титус иштирокчиларга табрик сўзи билан мурожаат қилди. Тадбирни Атлантика Кенгашининг Евросиё маркази катта директори ва АҚШнинг Ўзбекистон ва Украинадаги собиқ элчиси Жон Хербст бошқарди.
Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва СМТИ директори Элдор Арипов иштирок этди.
СМТИ директори ўз нутқида саммит янги сиёсий ва иқтисодий воқелик - Янги Марказий Осиё пайдо бўлганининг эътирофи эканлигини таъкидлади.
"Ушбу саммит шунчаки мулоқотнинг навбатдаги раунди эмас. Бу Қўшма Штатлар томонидан минтақавий консолидация жараёнини қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, шунингдек, янги воқеликни - янада жипслашган ва дунёнинг етакчи давлатлари учун самарали ҳамкор бўла оладиган Янги Марказий Осиёнинг пайдо бўлишини эътироф этишнинг бир кўриниши бўлди," - деди СМТИ директори.
Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда минтақа постсовет ҳудудидаги энг чуқур ўзгаришлардан бирини бошдан кечирди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган очиқлик ва яхши қўшничилик сиёсати минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳитини шакллантиришга замин яратди.
“Аввалги рақобат барқарор ривожланиш фақат ҳамкорлик орқали мумкин деган тушунча билан алмаштирилди. Бугунги кунда минтақа бир овоздан гапиради ва умумий муаммоларни ҳал қилишда етуклик ва масъулиятни намойиш этади”, деди СМТИ раҳбари.
Минтақавий савдо беш баробар, ўзаро инвестициялар икки баробар ўсгани, ҳатто пандемия даврида ҳам Марказий Осиё мамлакатлари чегаралари ҳаётий муҳим таъминотлар учун очиқ қолгани коллектив барқарорлик намунаси бўлганини қайд этди.
СМТИ директорининг сўзларига кўра, ушбу саммит Марказий Осиёнинг Евроосиёда янги геоиқтисодий динамиканинг ривожланаётган маркази сифатида тан олинишини англатади.
Бу минтақа стратегик жойлашуви, ресурслари ва ўсиб бораётган салоҳияти туфайли етакчи давлатларнинг эътиборини тобора кўпроқ жалб қилмоқда.
“Тенглик, очиқлик ва манфаатлар мувозанати тамойилларига асосланган ўзаро таъсирнинг янги архитектураси аста-секин шаклланмоқда. Марказий Осиё йирик ўйинчилар ўртасидаги рақобат эмас, балки ҳамкорлик макони бўлиб қолиши керак”, деб таъкидлади СМТИ раҳбари.
Унинг қайд этишича, Қўшма Штатлар минтақанинг стратегик автономияси ва технологик ривожланишига кўмаклашиш орқали унинг очиқлиги ва барқарорлигини сақлашда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Шерикликнинг энг муҳим йўналиши сифатида Қўшма Штатлар билан технологик ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
"Гап нафақат энг янги технологиялардан фойдаланиш, балки инсон капиталига - ёшларимизнинг билими, кўникмалари ва касбига сармоя киритиш ҳақида бормоқда," - деди СМТИ раҳбари.
Сўзининг якунида СМТИ директори Марказий Осиё ўз овози халқаро майдонда тобора баландроқ янграётганини, янги босқичга қадам қўяётганини таъкидлади.
"АҚШ билан ҳамкорлигимиз кимгадир қарши эмас, балки - тараққиёт, барқарорлик ва фаровонлик учун қурилиши керак. Бугун бизда умумий қарашни умумий ютуққа айлантириш учун тарихий имконият бор," - дея хулоса қилди у.
Ташриф давомида Элдор Арипов АҚШ Ташқи сиёсат кенгаши қошидаги Марказий Осиё-Кавказ институти раиси Фредерик Старр, Каспий сиёсат маркази ижрочи директори Эфган Нифти ва Атлантика кенгашининг Евросиё маркази катта директори Жон Хербст билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар яқин келажакдаги истиқболли йўналишлар ва аниқ ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилишди.