Швеция делегацияси Ўзбекистон Болалар омбудсманı билан мигрант болаларни ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг Ўзбекистонда ишчи ташриф доирасида бўлган Швеция делегацияси билан миграция ва унинг болаларга таъсири масалаларида учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Швеция халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик агентлиги (SIDA) ҳамда Швеция Адлия вазирлиги вакилларидан иборат делегация аъзоларига дастлаб Болалар омбудсмани фаолияти борасида маълумот берилиб, Болалар омбудсмани ўрганаётган Свециядаги фуқароларимизга оид реал кейслар юзасидан амалий фикр алмашилди.
Айтиш керакки, миграция – бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, ҳуқуқий ва маданий жараёнларни қамраб олувчи мураккаб ҳодисадир.
Айниқса, миграция жараёнида болалар энг заиф қатлам - улар одатдаги оилавий муҳитдан узилиши, барқарор ижтимоий ҳимоя тизимидан ва ҳуқуқий ҳимоядан ташқарида қолиш
хавфига дуч келмоқда.
Муҳими, учрашув давомида қуйидаги йўналишларда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди:
мигрант оилалар болаларининг таълим ва ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқлари, болаларни хорижий давлатга мослашув бўйича қўшма дастурни йўлга қўйилиши;
Швеция қонунчилиги, маданияти ва ижтимоий ҳаёти бўйича хабардорликни ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этиш;
давлатлар ўртасида бола масалалари бўйича идоралараро амалий ҳамкорлик механизмини жорий этиш.
Учрашув якунида Швеция делегацияси томонидан Болалар омбудсмани фаолиятига катта қизиқиш билдирилган равишда, соҳадаги муаммоларни олдини олиш, ўзаро амалий тажриба алмашиш орқали бола манфаатлари йўлида конструктив ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди.