Валюта курслари 15/12/2025
$1 – 12097.93
UZS – 0.42%
€1 – 14194.50
UZS – 0.68%
₽1 – 151.77
UZS – -0.09%
Қидириш
Шенчженда Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми бўлиб ўтди

Шенчженда Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми бўлиб ўтди

Шенчженда Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Шенчжен шаҳрида Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси ҳамда Ўзбекистон–Хитой Савдо-саноат палатаси кўмагида “Ўзбекистон–Хитой (Шенчжен) савдо-иқтисодий ва инвестиция форуми” ўтказилди.

Форумда Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев, Шенчжен шаҳри Халқ ҳукумати Халқаро ишлар бошқармаси бошлиғи Сай Сайсян хоним, шунингдек, Хитойнинг йирик холдинглари, инвестиция ва саноат компаниялари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этдилар.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ўз нутқида ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва институционал ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоялар учун очиқ ва шаффоф шароитлар яратиш борасида эришилган муҳим натижаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Форум иштирокчиларига Наманган вилоятининг саноат, тўқимачилик, агросаноат, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, логистика ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш соҳаларидаги кенг имкониятлари тақдим этилди.

Шенчжен шаҳри Халқ ҳукумати Халқаро ишлар бошқармаси бошлиғи Сай Сайсян хоним Шенчжен шаҳри ишбилармон доиралари Наманган вилояти билан саноат, инновация, юқори технологиялар ва «яшил» иқтисодиёт йўналишларида ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади.

Форум доирасида B2B ва G2B форматларида қатор икки томонлама музокаралар ўтказилди. Ушбу учрашувлар якунлари бўйича умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 27 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув ва англашув меморандумлари имзоланди.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш орқали Наманган вилоятида минглаб янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмларини ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш кўзда тутилган.

Мазкур форум Наманган вилоятининг халқаро инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР